Ўзбекистон хорижий ишчи кучи устидан назоратни кучайтирмоқчи
Ўзбекистон хорижий ишчи кучи устидан назоратни кучайтирмоқчи / Сурат: Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш киритилмоқда. Яъни, республикамиз ҳудудида бўлиб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома олмаган ҳолда меҳнат фаолияти билан шуғулланганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Шунингдек, тасдиқномада белгиланмаган меҳнат фаолияти билан шуғулланганлик учун жавобгарликни белгилашга қаратилган ҳамда ушбу турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини Давлат меҳнат инспекцияси, ички ишлар органлари ва жиноят ишлари бўйича судларга берилиши бўйича нормалар киритилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси меҳнат муносабатлари соҳасида содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилишга, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий имижини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.