Ўзбекистон ва Покистон ўртасида туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон ва Покистон ўртасида туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов Покистоннинг йирик ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашув ўтказди. Учрашувда “Habib Rafiq Ltd. (HRL Group)”компанияси ижрочи директори Абид Чима бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Мазкур мулоқотнинг асосий мақсади туризм соҳасида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, инвестициявий лойиҳаларни муҳокама қилиш ҳамда Покистоннинг йирик компаниялари фаолияти билан яқиндан танишишдан иборат бўлди.
Учрашув давомида қатор устувор йўналишлар бўйича фикр алмашилди. Жумладан, саргузашт (адвентуре) туризми йўналишларини икки мамлакат туроператорлари ўртасида тарғиб қилиш, шунингдек, Покистон, Бангладеш ва Ҳиндистон каби давлатлар иштирокида халқаро спорт мусобақалари Ўзбекистонда ўтказиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, икки мамлакат ўртасида зиёрат туризмини ривожлантириш, медиа соҳасида ҳамкорликни кучайтириш, Ўзбекистон ҳудудида Покистон инвесторлари иштирокида замонавий кўнгилочар парклар ва меҳмонхоналар барпо этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар туризм соҳасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олдилар.