Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг инвестиция портфели 7,5 миллиард доллардан ошди

UzDaily таҳририяти · 08.07.2026 · 19:30 · 21 views
Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг инвестиция портфели 7,5 миллиард доллардан ошди

Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг инвестиция портфели 7,5 миллиард доллардан ошди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг умумий инвестиция портфели умумий қиймати қарийб 6 миллиард доллар бўлган 20 дан ортиқ амалдаги лойиҳани ҳамда қарийб 1,5 миллиард долларлик 25 дан зиёд истиқболли ташаббусни ўз ичига олади. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Хуррам Тешабаев Report.az нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

«10 миллиард долларлик эҳтимолий инвестиция пакети прогноз ёки мавҳум рақам эмас. Бу аллақачон амалга оширилаётган ва истиқболли лойиҳалар йиғиндиси бўлиб, иқтисодий ҳамкорликнинг юқори даражасини акс эттиради», — деди вазир ўринбосари.

Энг йирик лойиҳа Agalarov Development компанияси иштирокида Чорвоқ сув омбори соҳилида қиймати 5 миллиард доллар бўлган халқаро туризм марказини барпо этиш ҳисобланади. Шунингдек, PASHA Holding иштирокида Тошкент шаҳрида 200 миллион доллар инвестиция ҳисобига The Ritz-Carlton бренди остида беш юлдузли меҳмонхона мажмуаси қурилмоқда.

Муҳим лойиҳалар қаторига Global Textile компанияси томонидан Озарбайжонда қиймати 104,8 миллион доллар бўлган пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этиш, SOCAR билан ҳамкорликда Устюрт минтақасида 76 миллион долларлик геология-қидирув лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек Қашқадарё вилоятида 50 миллион доллар инвестиция асосида қуруқ қурилиш аралашмалари ва гипсокартон ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳам киради.

Хуррам Тешабаевнинг таъкидлашича, инвестиция портфелининг асосий драйвер тармоқлари шаҳарсозлик ва туризм, тоғ-кон саноати ва геология-қидирув ишлари, агросаноат мажмуаси, автомобилсозлик ва электротехника саноати, шунингдек тўқимачилик соҳаси ҳисобланади.