Сенат 9 июль куни ялпи мажлисга йиғилади
Сенат 9 июль куни ялпи мажлисга йиғилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлисида Сенатнинг ўн еттинчи ялпи мажлисини чақириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Кенгаш қарорига мувофиқ Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлиси 2026 йил 9 июль куни ўтказилади.
Ялпи мажлис кун тартибига мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, давлат бошқаруви, қурилиш, техник жиҳатдан тартибга солиш, ёнғин хавфсизлиги, фармацевтика, ижтимоий ҳимоя, рақамли технологиялар, халқаро ҳамкорлик ҳамда қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган қатор муҳим масалалар киритилди.
“Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги ва «Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунлари, “Ижтимоий иш тўғрисида”ги Қонун шулар жумласидандир.
Ялпи мажлисда болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, қурилиш соҳасида давлат назорати, ёнғин хавфсизлиги, давлат фуқаролик хизмати, фармацевтика соҳаси ҳамда бошқа қатор йўналишларга оид қонунлар ҳам муҳокама қилинади.
Шунингдек, сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланиши тўғрисидаги миллий маъруза эшитилади.
Бундан ташқари, бошқарув сервис компаниялари ва уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ҳам муҳокама қилинади.