Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон парламенти вакиллари ва малайзиялик олимлар ислом молиясини ривожлантириш истиқболлари ҳамда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.
«Исломий молиялаштириш асослари ва тажрибаси» мавзусидаги илмий-амалий давра суҳбати Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари, университет раҳбарияти ҳамда етакчи илмий ходимлар иштирок этди.
Иштирокчилар Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик ривожланиб бораётганини таъкидлади. Икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги мулоқот, олий даражадаги ташрифлар ва улар давомида эришилган келишувлар кейинги ҳамкорлик учун асос бўлаётгани қайд этилди.
Давра суҳбати давомида Малайзия томони мамлакатда ислом молиясини ривожлантириш тажрибаси, амалдаги амалиёт ва келгуси режалар ҳақида маълумот берди. Исломий молиялаштиришнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш ва ушбу соҳа учун мутахассислар тайёрлашда INCEIF университетининг ўрни алоҳида таъкидланди.
Делегация раҳбари, Қонунчилик палатаси қўмитаси раиси Шарофиддин Назаров Ўзбекистонда капитал бозорини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилган натижалар ҳақида сўз юритди.
У молиявий хизматларни диверсификация қилиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, аҳоли ва тадбиркорлар учун мавжуд молиявий ечимлар кўламини кенгайтиришда исломий молиялаштириш воситаларини жорий этиш истиқболли эканини таъкидлади.
Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистонда ислом молиясини ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратишга қаратилган қонунчилик режаларини муҳокама қилди.
Учрашув якунида томонлар исломий молиялаштириш ва қонун ижодкорлиги соҳаларидаги ҳамкорликни давом эттириш масалаларини кўриб чиқди.