Ўзбекистон ва ИҲҲТ давлат бошқаруви ислоҳотларини муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва ИҲҲТ давлат бошқаруви ислоҳотларини муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва ИҲҲТ давлат бошқаруви ислоҳотларини муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Давлат бошқаруви тизимини ривожлантириш ва унинг самарадорлигини ошириш илғор халқаро тажрибани жорий этиш билан бевосита боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲҲТ) билан ҳамкорлик Ўзбекистонда стратегик режалаштириш ва бошқарув ёндашувларини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

2022–2024 йиллар давомида Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲҲТ) Ўзбекистон давлат бошқаруви тизими самарадорлигини олтита асосий йўналиш бўйича баҳолаш мақсадида тадқиқот ўтказди. “Давлат бошқаруви шарҳи” (Публис Говернансе Ревиев) эълон қилингач, томонлар ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олган эди.

Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги раҳбарияти ҳамда ИҲҲТ вакиллари ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Саллевеарт Симон — ИҲҲТ вакили, Виктор Кесслер — Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ) вакили, халқаро экспертлар ҳамда бошқа иштирокчилар қатнашди.

Учрашув давомида Агентлик директорининг биринчи ўринбосари А. Абдуқодиров томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган давлат бошқаруви ва иқтисодиётни модернизация қилиш ислоҳотлари ҳақида маълумот берилди. Таъкидланганидек, Шарҳ тавсиялари амалиётга изчил жорий этилиб, давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштиришда муҳим методологик асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Шунингдек, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини такомиллаштириш жараёнида халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда кенг кўламли маслаҳатлашувлар ўтказилди. Натижада давлат бошқарувини 2030 йилгача номарказлаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича ёндашувлар белгиланди.

ИҲҲТ вакиллари амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, стратегик режалаштириш тизимини жорий этишнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Томонлар давлат бошқарувини янада ислоҳ қилиш, номарказлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш ва ҳудудий ривожланишни таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашди.

Учрашув якунида ҳамкорликни давом эттириш ҳамда лойиҳаларни амалга оширишнинг барча босқичларида экспертлик ва услубий кўмак кўрсатиш бўйича келишувларга эришилди. Мазкур мулоқот бошқарув самарадорлигини ошириш ва мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг