Ўзбекистон ва Грузия Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлик шартномасини имзоладилар

Ўзбекистон ва Грузия Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлик шартномасини имзоладилар

Ўзбекистон ва Грузия Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлик шартномасини имзоладилар

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 18 апрель куни Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатовнинг Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турган Грузия Ички ишлар вазири жаноб Гела Геладзе бошчилигидаги делегация билан учрашуви бўлиб ўтди

Грузия делегациясининг мамлакатимизга ташрифи Самарқанд шаҳрида ташкил этилаётган “Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш” мавзусидаги глобал форумда қатнашиш мақсадида ўзбек томонининг таклифига мувофиқ амалга оширилмоқда.

Тадбир жараёнида, томонлар икки мамлакат ички ишлар вазирликлари ўртасидаги алоқалар изчил ривожланиб бораётганлигини эътироф этиб, трансмиллий жиноятларга, шу жумладан наркожиноятлар ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича тизимли ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, бу жараёнда вазирликлар ўртасида ахборот ва ўзаро тажриба алмашишни янги босқичга кўтариш заруратига эътибор қаратдилар.

Ҳамкорликнинг алоҳида йўналиши кибержиноятчиликка қарши самарали курашиш масаласида бўлиб, бу борада икки томонлама ҳамкорликни кучайтириш ва кадрлар тайёрлаш жараёнида билим ва кўникмалар билан ўртоқлашиш муҳим эканлиги таъкидланди.

Тадбирда томонлар терроризм ва экстремизм, одам савдоси, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси ҳамда бошқа турдаги трансмиллий жиноятларга қарши курашишда ҳамкорликни кучайтириш, кибержиноятларга қарши курашиш ва рақамли криминалистика йўналишида ички ишлар органлари ходимлари учун махсус ўқув курсларини ташкил этиш, Вазирлик таркибидаги ўқув муассасалари билан Грузия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари таълим даргоҳлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш каби долзарб масалаларни муҳокама қилдилар.

Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашувда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида истиқболли вазифалар белгилаб олинди.

Тадбир сўнгида икки томон делегация раҳбарлари Ўзбекистон ва Грузия ички ишлар вазирликлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзоладилар.

Тадбир давомида грузиялик ҳамкорлар Ички ишлар вазирлиги фаолияти билан яқиндан танишиб, замонавий махсус техника ва воситалар тақдимотида қатнашдилар.

Шунингдек, юртимиз меҳмонлари Ички ишлар вазирлиги Академияси ва Тошкент шаҳар ИИББ фаолиятини ўрганиш ҳамда пойтахтимизнинг туристик объектларида хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот олишлари режалаштирилган.

Бундан ташқари, ташриф доирасида Самарқанд шаҳрида ташкил этилаётган трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашишга бағишланган глобал форумда иштирок этиш ҳам кўзда тутилган. Ушбу форум халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор тажрибалар алмашиш ва замонавий хавф-хатарларга қарши самарали ечимлар ишлаб чиқиш учун аҳамиятли майдон бўлиб хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг