Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Беларусь парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди

Дилафруз Ниязова · 02.09.2025 · 21:15 · 393 views
Ўзбекистон ва Беларусь парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон ва Беларусь парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Беларусь Республикасининг Витебск шаҳрида ўтаётган бизнес-форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги делегация Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Республика Кенгаши Раиси Наталья Кочанова билан учрашди.

Суҳбат чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳада ва парламентлар ўртасидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мулоқот ва олий даражадаги ташрифлар давлатлараро муносабатларни янги босқичга олиб чиқди.

Икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми охирги йилларда 5 баробарга ошди. Саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Маданий-гуманитар соҳада “Шарқ тароналари”, “Славянский базар” каби фестиваллар ўтказиш орқали ҳамкорлик кучайгани таъкидланди. Таълим йўналишида 45 та олий ўқув ташкилотлари ҳамкорлиги йўлга қўйилиб, икки мингдан ортиқ талабалар таҳсил олмоқда.

Парламентлараро йўналишда ташрифлар, қўшма форумлар ва комиссия фаолияти изчил давом этмоқда. Жорий йилда “дўстлик гуруҳи” Ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссияга айлантирилгани муҳим қадам сифатида баҳоланди.

Учрашув якунида парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришга доир ҳужжатлар имзоланди.