Иқтисод

Ўзбекистон ва BCI барқарор пахтачиликни ривожлантиришни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва BCI барқарор пахтачиликни ривожлантиришни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва BCI барқарор пахтачиликни ривожлантиришни муҳокама қилди / Фото: «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Better Cotton Initiative (BCI) пахтани барқарор етиштириш амалиётини кенгайтириш ҳамда қишлоқ хўжалигида халқаро стандартларни жорий этиш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув Қишлоқ хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси Нуриддин Қўшназаров ва BCI операцион директори Лена Стаафгорд иштирокида ўтказилди.

Томонлар мамлакатда барқарор пахтачиликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, BCI стандартларини жорий этиш бўйича тўпланган тажриба ва дастур қамровини кенгайтириш истиқболларини кўриб чиқди.

Иштирокчилар ғўзани зараркунандалардан ҳимоя қилиш ва пестицидлардан оқилона фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, тупроқ унумдорлигини ошириш ва ишлаб чиқаришда экологик ёндашувлардан кенгроқ фойдаланиш чоралари муҳокама қилинди.

Кўриб чиқилган ечимлар қаторида тупроқ ҳолатини яхшилаш учун биологик-органик ўғитлардан фойдаланиш ҳамда ғўзапоядан тайёрланган биокўмирни қўллаш масалалари ҳам бўлди. Учрашув иштирокчилари бундай материални бевосита қишлоқ хўжалиги далаларида қўллаш тажрибаси билан ўртоқлашди.

Ҳамкорликни кенгайтириш, халқаро стандартларни амалиётга жорий этиш ва барқарор пахтачилик тамойилларини ишлаб чиқарувчилар ўртасида оммалаштириш келгусидаги ишларнинг муҳим йўналишлари сифатида белгиланди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар муҳокама қилинган йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.