Ўзбекистон ва Австрия туризм бўйича тренингларни бошлайди
Ўзбекистон ва Австрия туризм бўйича тренингларни бошлайди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 7 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Касбий таълим агентлиги ҳамда Австриянинг Кремс амалий фанлар университети (IMC Krems University of Applied Sciences) ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ҳужжатни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги директори Улуғбек Хусаинов, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Касбий таълим агентлиги ҳамда IMC Krems University of Applied Sciences раиси Хайнс Боер имзоладилар.
Меморандум меҳмондўстлик, туризм менежменти, меҳмонхона бошқаруви ва сервис соҳалари учун халқаро стандартларга мос малакали кадрлар тайёрлаш, таълим муассасаларининг институционал салоҳиятини ошириш ҳамда касбий ва олий таълим тизимини модернизация қилишга қаратилган.
Ҳужжат доирасида Бухоро ва Наманган шаҳарларидаги мавжуд профессионал таълим муассасаларини Австрия–Ўзбекистон қўшма ташаббуси асосида халқаро меҳмонхона бошқаруви мактабларига айлантириш режалаштирилмоқда. Шунингдек, австриялик экспертлар иштирокида консалтинг ва лойиҳалаш ишларини амалга ошириш, ўзбекистонлик педагог ва мутахассислар учун малака ошириш дастурларини ташкил этиш назарда тутилган.
Томонлар Hospitality Management йўналишида Европа малака рамкаси (EQF) талабларига мувофиқ диплом ва академик дастурларни ишлаб чиқиш, туризм ва меҳмондўстлик соҳасида инновацион ёндашувларни жорий этиш бўйича конференция, форум ва симпозиумлар ўтказишга ҳам келишиб олдилар.
Меморандум уч йил муддатга тузилган бўлиб, унинг ижроси доирасида давлат идоралари, олий таълим муассасалари, профессионал таълим ташкилотлари ҳамда соҳа вакиллари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилган.