Ўзбекистон ва Artan Holding таълим кластерини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Artan Holding таълим кластерини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Қатар Давлатининг “Artan Holding” компанияси асосчиси Натра Абдулла бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Учрашувда, шунингдек, делегация таркибидаги “Artan Holding” бош ижрочи директори Носир Ан-Наимий, ижрочи директор Неил Комерфорд, “City University Qatar” ректори Фарис Гораши ҳамда вазирлик ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги директори Азимжон Хусанов ҳам иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, халқаро таълим дастурларини жорий этиш ва замонавий таълим экотизимларини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан , Янги Тошкент ҳудудида халқаро таълим кластерини ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилинди. Британия халқаро кундузги мактаби “DBS”, Британия мерос интернат мактаби “Glenalmond”, “Ulster” бренди асосидаги университет ҳамда касб таълими академиясини ўз ичига олган таълим мажмуасини барпо этиш лойиҳаси юзасидан фикр алмашилди.
Вазир Қўнғиротбой Шарипов Ўзбекистонда сўнгги йилларда таълим соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини, халқаро ҳамкорлик ва хусусий сектор иштироки тобора кенгайиб бораётганини таъкидлади. Шу билан бирга, бугунги кунда мактабдан тортиб олий таълим ва касбий тайёргарликкача бўлган узвий таълим экотизимини шакллантириш муҳим вазифалардан бири эканини қайд этди.
Учрашувда “Artan Holding” томонидан таклиф этилаётган таълим кластери лойиҳаси Янги Тошкентнинг стратегик ривожланиш концепциясига мос келиши, мазкур ташаббус юқори малакали кадрлар тайёрлаш, халқаро таълим стандартларини жорий этиш ва инсон капиталини ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Томонлар олий ва касбий таълим соҳаларида қўшма дастурларни амалга ошириш, замонавий ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда меҳнат бозори талабларига мос мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилди.