Ўзбекистон радиоактив чиқиндиларни бошқариш бўйича янги қоидаларни тайёрламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Депутатлар томонидан кўриб чиқилаётган навбатдаги ҳужжат —“Радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишнинг барча босқичларида хавфсизликни таъминлаш, аҳоли ҳаёти ва соғлиғини, мол-мулкини ҳамда атроф-муҳитни уларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишнинг аниқ механизмлари белгиланмоқда.
Яна бир муҳим янгилик — мамлакат ҳудудидаги барча радиоактив чиқиндилар мажбурий давлат ҳисобидан ва назоратидан ўтказилади. Радиоактив чиқиндилар давлат реестри юритилиб, уларнинг миқдори, жойлашган жойи ва ҳаракати тўғрисидаги маълумотлар тизимлаштирилади. Бу эса радиоактив чиқиндиларнинг йўқолиши, рухсатсиз ишлатилиши ёки талон-торож қилиниши каби хавфларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Шунингдек, радиоактив чиқиндилар сақланадиган ва кўмиладиган объектларни жойлаштириш, лойиҳалаш, қуриш, эксплуатация қилиш ҳамда фойдаланишдан чиқаришга нисбатан қатъий хавфсизлик талаблари белгиланмоқда. Ҳужжатда радиоактив чиқиндиларни ҳосил қилган ёки уларнинг эгаси бўлган субъект томонидан улар билан хавфсиз муомалада бўлиш билан боғлиқ харажатлар қопланиши мустаҳкамланмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳасининг қабул қилиниши радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш, хавфсизликнинг замонавий механизмларини жорий этиш ҳамда аҳоли ва атроф-муҳит муҳофазасини кучайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.