Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Тошкентда тиббий чиқиндилар билан боғлиқ қоидабузарликлар аниқланди

Дилафруз Ниязова · 11.08.2026 · 17:56 · 27 views
Тошкентда тиббий чиқиндилар билан боғлиқ қоидабузарликлар аниқланди
Тошкентда тиббий чиқиндилар билан боғлиқ қоидабузарликлар аниқланди / Фото: Сурат сунъий интеллекти томонидан яратилган.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда тиббий чиқиндилар билан муомала қилиш қоидалари бузилган ҳолатлар аниқланди. Жумладан, хавфли чиқиндилар маиший чиқиндилар билан аралаштирилгани, полигонларга олиб чиқилгани ёки бунинг учун белгиланмаган жойларга ташлангани маълум бўлди. Бу ҳақда Экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш махсус комиссияси хабар берди.

Текширувлар натижасида қатор тиббиёт муассасаларида хавфли чиқиндилар маиший чиқиндилардан ажратилмагани аниқланди. Натижада улар полигонларга олиб чиқилган ёки бунинг учун мўлжалланмаган жойларга ташланган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, тиббий чиқиндиларнинг 15 фоизи хавфли ҳисобланади. Улар билан нотўғри муомала қилиш касалликларнинг тарқалиши, заҳарланиш ва атроф-муҳитнинг ифлосланишига олиб келиши мумкин.

Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 17 июлдаги ПҚ-263-сон қарори ижроси доирасида АҚШнинг SAYAR LLC компанияси Sayar green хорижий корхонасини таъсис этди. Компания умумий қиймати 115 миллион АҚШ долларига тенг инвестиция лойиҳасини амалга оширмоқда. Бироқ тиббиёт муассасалари хавфли чиқиндиларни инвесторга топширмаётгани сабабли яратилган механизм тўлиқ ҳажмда ишламаяпти.

Тошкентда тиббий чиқиндиларни қайта ишлаш учун умумий суткалик қуввати 12 тоннани ташкил этувчи иккита қурилма ўрнатилган. Бироқ амалда уларга суткасига қарийб 3 тонна чиқинди келиб тушмоқда. Шу сабабли ускуналар қувватининг атиги 25 фоизидан фойдаланилмоқда.

2026 йилнинг олти ойи давомида пойтахтда 3 239,05 куб метр тиббий чиқинди олиб чиқилган.

Кўрсатилган тиббиёт муассасалари орасида энг кўп чиқинди 16-сонли клиник шифохонада — 1 795,40 куб метр, 3-сонли клиник юқумли касалликлар шифохонасида — 445,44 куб метр ва Вирусология илмий-тадқиқот институти клиникасида — 382 куб метр ҳосил бўлган.

Бундан ташқари, Республика фтизиатрия ва таянч-ҳаракат тизими касалликларини реабилитация қилиш болалар маркази, Дерматовенерология ва косметология марказининг Тошкент шаҳар филиали, 1-сонли шаҳар клиник юқумли касалликлар шифохонаси, Фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда тери-таносил касалликлари шифохонасида хизмат кўрсатишнинг белгиланган тартиби бузилгани аниқланди.

Аниқланган ҳолатлар бўйича масъул шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда. Махсус комиссия ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам шунга ўхшаш текширувлар ўтказилмоқда.