Ўзбекистон Омбудсман ваколатларини кучайтирмоқда
Ўзбекистон Омбудсман ваколатларини кучайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан киритилган — Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) фаолиятини янада самарали ташкил этишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ушбу ҳужжат Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятининг таъсирчанлигини ҳамда мансабдор шахсларнинг масъулиятини янада оширишга қаратилган.
“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонунда Омбудсманга қўшимча ваколатлар ва таъсир чоралари берилган эди. Хусусан, Омбудсман инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишига йўл қўймаслик ҳақида ташкилотларга ва мансабдор шахсларга огоҳлантириш, тақдимнома, илтимоснома ва талабнома киритиш ҳуқуқига эга.
Шу муносабат билан, Омбудсман институтининг ушбу янги ваколат ва таъсир механизмларини амалда самарали қўллаш учун ҳуқуқий асослар яратилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 197-4-моддасига Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) киритган талабномаларни мансабдор шахслар томонидан кўриб чиқмасдан қолдирганлик ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузганлик ёхуд улар юзасидан била туриб қасддан ишончсиз маълумотларни тақдим этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиловчи ўзгартириш киритилмоқда.
Муҳокамалар давомида депутатлар мазкур ўзгартиришлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини мустаҳкамлашга, шунингдек давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг масъулиятини янада оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.