Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон елканли спорт федерацияси Хитойнинг Циндао шаҳрида бўлиб ўтган Бош ассамблеядаги овоз бериш натижаларига кўра, Жаҳон елканли спорт федерацияси — World Sailing’нинг тўлақонли аъзоси мақомини қўлга киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон елканли спорт федерацияси хабар берди.
Миллий федерациянинг аризаси халқаро ташкилотга янги тўлақонли аъзоларни қабул қилиш тартиби доирасида кўриб чиқилди. Овоз бериш натижаларига кўра, иштирокчиларнинг 95,08 фоизи Ўзбекистон федерациясининг аъзолигини қўллаб-қувватлади.
Янги мақомга эга бўлиш Ўзбекистон елканли спорт федерациясига World Sailing’нинг ривожлантириш дастурларидан фойдаланиш имконини беради.
Бундан ташқари, ўзбекистонлик спортчилар Олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун ўтказиладиган саралаш мусобақаларида қатнашиш имкониятига эга бўлади.