Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Энергетика вазири Шерзод Хўжаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Хитойнинг Хайнань оролида жойлашган «Чанцзян» атом электр станциясига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги хабар берди.
Ташриф давомида Ўзбекистон вакиллари станция раҳбарияти билан учрашиб, Хитойнинг атом энергетикаси соҳасидаги ишланмалари билан танишди.
Делегацияга Hualong One реактори технологияси, шунингдек, ACP100 кичик модулли реактори лойиҳаси тақдим этилди. Вазирлик хабар беришича, ушбу реактор тижорат мақсадларида фойдаланиш учун мўлжалланган бўлиб, жаҳондаги бундай турдаги биринчи лойиҳага айланади.
Ташриф иштирокчилари АЭСнинг марказий бошқарув пунктида ҳам бўлди. Уларга энергия блокларини бошқариш, технологик жараёнларни мониторинг қилиш ва ядровий хавфсизликни таъминлаш тизимлари намойиш этилди.
Музокаралар давомида томонлар Ўзбекистон атом энергетикасида Хитой технологияларини қўллаш истиқболлари, атом электр станцияларидан хавфсиз фойдаланиш, касбий тажриба алмашиш ҳамда малакали мутахассислар тайёрлаш масалаларини муҳокама қилди.