Ўзбекистон-2027 U-17 Осиё кубоги саралашида гуруҳлар аниқланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2027 йилги AFC U-17 Осиё кубоги Ўзбекистон мусобақаси саралаш босқичи иштирокчилари 27 август куни Куала-Лумпурдаги Осиё футбол конфедерацияси (AFC) штаб-квартирасида ўтказилган қуръа натижасида ўз рақибларини билиб олди. Саралашда 35 та терма жамоа иштирок этади ва улар бештадан жамоа бўлган еттита гуруҳга тақсимланди.
Саралаш босқичи учрашувлари 2026 йил 8–20 ноябрь кунлари марказлашган ҳолдаги бир даврали турнир форматида ўтказилади. Еттита гуруҳ ғолиби U-17 Осиё кубогининг финал босқичига йўлланма олади.
Уларга 2026 йил Қатарда ўтказиладиган FIFA U-17 жаҳон чемпионати натижаларига кўра финал турнирига автоматик равишда йўл олган тўққизта терма жамоа қўшилади. Улар қаторида Австралия, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Қатар, Саудия Арабистони, Тожикистон, Ўзбекистон ва Вьетнам бор. Япония ушбу ёш тоифасида амалдаги Осиё чемпиони ҳисобланади.
А гуруҳидан Индонезия, Мьянма, Афғонистон, Филиппин ва Камбоджа жой олди. Ушбу гуруҳ учрашувларига Мьянма мезбонлик қилади.
В гуруҳида Таиланд, Ироқ, Гонконг, Хитой Тайбэйи ва Мальдив ороллари иштирок этади. Бу гуруҳдаги мусобақалар Таиландда ўтказилади.
С гуруҳини Бирлашган Араб Амирликлари, Бангладеш, Сурия, Бутан ва Макао ташкил этди. Учрашувлар БААда бўлиб ўтади.
D гуруҳига Эрон, Лаос, Иордания, Покистон ва Шри-Ланка кирди. Гуруҳ баҳсларига Лаос мезбонлик қилади.
Е гуруҳида Ҳиндистон, Малайзия, Фаластин, Сингапур ва Гуам терма жамоалари иштирок этади. Ушбу гуруҳ учрашувлари Малайзияда ўтказилади.
F гуруҳини Яман, Туркманистон, Қирғизистон, Монголия ва Шимолий Мариана ороллари ташкил қилди. Гуруҳ мусобақаларига Қирғизистон мезбон бўлади.
G гуруҳига Уммон, Қувайт, Баҳрайн, Ливан ва Бруней-Доруссалом терма жамоалари киритилди. Учрашувлар Уммонда ўтказилади.
2027 йилги AFC U-17 Осиё кубогининг финал босқичи 2027 йил 12–29 май кунлари бўлиб ўтади.