Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўсимлик маҳсулотлари халқаро савдода тўсиқларсиз ҳаракатланади

Дилафруз Ниязова · 24.12.2025 · 20:30 · 231 views
Ўсимлик маҳсулотлари халқаро савдода тўсиқларсиз ҳаракатланади
 Ўсимлик маҳсулотлари халқаро савдода тўсиқларсиз ҳаракатланади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасидаги қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилотининг Санитария ва фитосанитария чораларини қўллаш бўйича битимига мувофиқлаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Ушбу қонун лойиҳаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш, мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини янада жадаллаштиришга қаратилган.

Лойиҳа билан Жиноят, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ҳамда “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Уруғчилик тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”ги, “Ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларга ЖСТнинг Санитария ва фитосанитария чораларини қўллаш бўйича битимида белгиланган қоида ва нормаларга мувофиқлаштириш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Мажлисда лойиҳада назарда тутилаётган нормалар фитосанитария соҳасидаги қонун ҳужжатларини бугунги кундаги барча халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга, мамлакатимизда етиштирилган ўсимлик ва ўсимлик маҳсулотларининг халқаро савдода тўсиқларсиз ҳаракатланишига, ўсимликлар карантини соҳасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилиши қайд этилди.

Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.