Нарендра Моди 29–30 август кунлари Ўзбекистонга келади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди 29–30 август кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келади. Тошкентда у президент Шавкат Мирзиёев билан учрашади ва университетлардан бирида бўлади. Бу ҳақда Ҳиндистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Сиби Жорж маълум қилди.
Бу унинг Ўзбекистонга тўртинчи ташрифи бўлади. Ташриф давомида томонлар икки томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналишларини муҳокама қилади. Кун тартибидан савдо ва инвестициялар, стратегик аҳамиятга эга минераллар, соғлиқни сақлаш ва таълим масалалари ўрин олади.
Шунингдек, космос ва технологиялар, маданият ҳамда Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг бошқа соҳаларидаги ўзаро алоқаларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, томонлар Viksit Bharat 2047 ва «Ўзбекистон — 2030» дастурларида акс этган тараққиётни ривожлантириш бўйича умумий ёндашувларни илгари суриш юзасидан фикр алмашади.
Ҳиндистон бош вазири, шунингдек, Тошкентдаги Шастри ёдгорлиги ҳамда Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги Маҳатма Ганди марказига ташриф буюриши кутилмоқда.
Ўзбекистондаги ташрифини якунлаганидан сўнг Нарендра Моди Қирғизистонга йўл олади. У 31 август — 1 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) 26-саммитида иштирок этади.