Испания U-17 Ўзбекистонни 3:0 ҳисобида мағлуб этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Испаниядаги Альбир шаҳрида ўтказилган ўртоқлик учрашувида Испания терма жамоасига 0:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Учрашув Ўзбекистон жамоасининг 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги бўлажак Жаҳон чемпионатига тайёргарлиги доирасида ўтказилди.
Биринчи бўлим голларсиз якунланди. Танаффусдан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Сергей Чигодаев бир қатор алмаштиришларни амалга оширди.
46-дақиқада Орифхонов, Маматов ва Тоҳиров майдонни тарк этди. Уларнинг ўрнига Ўктамбоев, Абдуллаев ва Ўктамов майдонга тушди.
Испания 63-дақиқада ҳисобни очди. Гильермо Ортега пенальтини аниқ амалга ошириб, мезбонларни олдинга олиб чиқди.
80-дақиқада Чигодаев яна таркибга ўзгартиш киритди. Равшанов ва Абдуллаев ўрнига Марупов ва Синдаров майдонга тушди.
Учрашув якунида Испания терма жамоаси яна икки марта гол урди. Қўшиб берилган вақтнинг биринчи дақиқасида Роберто Томас ўзини кўрсатган бўлса, бир дақиқадан кейин Михал Жук Енджейевска якуний ҳисобни 3:0 кўринишига келтирди.
Ўзбекистон U-17 терма жамоаси 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасида Испанияда ўртоқлик учрашувларида иштирок этмоқда.