Наманганда қурилиш соҳасида коррупция ҳолати фош этилди
Наманганда қурилиш соҳасида коррупция ҳолати фош этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманган вилоятида қурилиш ҳужжатларини расмийлаштириш учун ноқонуний равишда пул талаб қилиш билан боғлиқ коррупция ҳолатига чек қўйилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармасининг икки нафар бош мутахассиси ўзаро келишиб, тадбиркордан Янги Наманган туманида икки қаватли нотурар жой биноси қурилиши учун рухсатнома олиш, архитектура-режалаштириш топшириғини расмийлаштириш ва лойиҳа ҳужжатларини келишишда ёрдам бериш эвазига 22 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Жорий йил март ойида улар келишилган маблағнинг бир қисми сифатида 7 минг АҚШ долларини олган.
Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида гумонланувчилардан бири қолган 15 минг АҚШ долларини олиш вақтида жиноят устида ушланган. Иккинчи иштирокчи ҳам белгиланган тартибда қўлга олинган.
Ушбу ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.