Наманганда 65-Халқаро Гуллар фестивали бўлиб ўтади
Наманганда 65-Халқаро Гуллар фестивали бўлиб ўтади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 24 майдан 12 июлга қадар Наманганда 65-Халқаро Гуллар фестивали ўтказилади.
Туризм қўмитаси ва Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилаётган фестиваль доирасида маданий ва маърифий тадбирлар, театр ва цирк томошалари, гала концертлар, модалар ҳафталиги, саноат ярмаркаси ва бошқа 150 дан ортиқ халқаро ва республика миқёсидаги тадбирлар ўтказилади.
Ҳар йили нафақат юртимиз, балки хориждан ҳам минглаб сайёҳларни жалб этадиган мазкур фестивалга тайёргарлик доирасида “Жамоа бўлиб бир ой давомида энг кўп экилган гуллар” йўналишида Гуиннесс Ворлд Ресордс рекордини ўрнатиш йўлида шаҳар бўйлаб 120 турдаги 150 миллиондан ортиқ гул кўчатларини экиш ишлари давом этмоқда.
Мазкур ташаббус нафақат рекорд ўрнатиш, балки мамлакатимизнинг хусусан Наманганнинг халқаро имиджини янада мустаҳкамлаш, экологик муҳитни яхшилаш ва аҳоли ўртасида бунёдкорлик руҳини кучайтириш, энг асосийси, бу йил юбилей тарзда нишонланадиган 65-Халқаро Гуллар фестивали нуфузини янада оширишга хизмат қилади.
Фестиваль анъанавий автопарад билан бошланади. Табиий гуллар билан безатилган 200 дан ортиқ турли русумдаги автомашиналар вилоят марказининг асосий кўчалари бўйлаб Наманган халқаро аэропорти олдидан Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи олдигача бўлган 10 километрдан зиёдроқ йўлни босиб ўтади.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида фестиваль меҳмонларига хорижий ва маҳаллий иштирокчилар томонидан махсус майдонларда табиий гуллардан яратилган турли композициялар, дизайн ва декорациялар намойиш этилади.
Ҳар бир гул композицияси нафақат гўзаллик ва эстетик завқ бағишлайди, балки ҳудуднинг бетакрорлик ва маданий юзини намоён этувчи рамзий маъно касб этади.
Фестиваль кунлари, шунингдек, “Наманган туризм салоҳияти Инфлюенсерлар нигоҳида” номли халқаро форуми, “Осиё ишбилармон аёллари халқаро форуми”, “Наманган 3-халқаро ҳунармандчилик кўргазмаси”, «Кинокарвон» лойиҳаси, “3-Халқаро мақом санъати” анжумани, “Халқаро этноспорт ўйинлар” мусобақалари, “Ҳиндистон маданият кунлари” болливуд шоу, “Обод маҳалла обод юрт” шиори остида Республика маҳаллари анжумани спорт мусобақалари каби тадбирлар ўрин олган.