Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманган вилоятида болалар боғчаларидан бирининг омбор мудирига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. У беш ёшли тарбияланувчига нисбатан жинсий зўравонлик содир этганликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда Болалар омбудсмани матбуот хизмати маълум қилди.
Жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми — 14 ёшга тўлмаган шахсни зўрлаш бўйича қўзғатилган. Гумонланувчи қамоққа олинган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Болалар омбудсмани ўз ваколатлари доирасида жабрланган боланинг қонуний манфаатлари таъминланишини назорат қилмоқда.
Маълумот келиб тушганидан сўнг Учқўрғон тумани «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ходимлари қизчанинг яшаш манзилига бориб, вазиятни дастлабки баҳолаш ишларини амалга оширди. Баҳолаш натижаларига кўра, бола юқори хавф гуруҳига киритилди.
Ички ишлар органлари ва тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликда марказ мутахассислари боланинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган омилларни бартараф этиш учун зарур чораларни кўрди.
Қизча ва унинг онасига психологик, тиббий ва юридик ёрдам, шунингдек, зарур ижтимоий хизматлар кўрсатилмоқда.
Ҳозирги вақтда бола ота-онасининг қарамоғида, оиласида бўлиб турибди.