Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Мустақиллик шоҳкўчасида таъмирлашнинг биринчи босқичи якунланмоқда

UzDaily таҳририяти · 15.07.2026 · 18:40 · 24 views
Мустақиллик шоҳкўчасида таъмирлашнинг биринчи босқичи якунланмоқда

Мустақиллик шоҳкўчасида таъмирлашнинг биринчи босқичи якунланмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида Мустақиллик шоҳкўчасини комплекс реконструкция қилишнинг биринчи босқичи якунланмоқда. Йўлнинг бир қисмида асфальт ётқизиш ишлари тугалланди ва яқин вақт ичида ушбу ҳудудда транспорт ҳаракатини қайта тиклаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда пойтахт Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази хабар қилди.

Ишлар давомида мутахассислар 23 минг квадрат метр эски йўл қопламасини демонтаж қилди ва шунча ҳажмда йирик донали асфальт-бетон қопламасини ётқизди. Шунингдек, қарийб 29 минг квадрат метр майдонга базальт геотўри ўрнатилди.

Ҳозирги вақтда 23 минг квадрат метр майдонда ПШМА-20 полимерли чақиқтош-мастикали асфальт-бетон аралашмасидан иборат юқори қоплама қатламини ётқизиш ишлари давом этмоқда. Йўл ҳаракатини ташкил этиш марказида таъкидланишича, мазкур материал транспорт оқимининг юқори юкламаларига, юқори ҳароратлардаги деформацияларга ва из ҳосил бўлишига юқори даражада чидамли бўлиб, йўл қопламасининг хизмат муддатини узайтириш имконини беради.

Шу билан бир вақтда сув чиқариш тизими ҳам модернизация қилинмоқда. 1,14 километр узунликдаги сув чиқариш новлари таъмирланди, 111 метр металл қувур алмаштирилди, 1,3 километр янги бордюрлар ўрнатилди ва қатнов қисми бўйлаб яна 1,14 километр бордюр тошлари янгиланди. Ажратувчи йўлакда эса 566 метр эски бордюр демонтаж қилинди.

Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази маълумотига кўра, бажарилган ишлар ёғингарчилик пайтида қатнов қисмида сув тўпланиши хавфини камайтиради ва янги асфальт қопламасининг хизмат муддатини узайтиради.

Шоҳкўчада кўча ёритиш тизимини модернизация қилиш ишлари ҳам давом этмоқда. Эски 34 та ёритиш таянчи ўрнига 67 та янги таянч ўрнатиш режалаштирилган. Шунингдек, учта автобус майдончаси барпо этилмоқда ва учта янги автобус бекати павильони ўрнатилмоқда. Йўловчиларни кутиш ҳудудлари кенгайтирилиб, тактил йўналтирувчи плиталар билан жиҳозланади.

Реконструкция ишларига 30 дан ортиқ махсус техника ҳамда 250 нафардан зиёд ишчи ва мутахассис жалб қилинган.

Аввалроқ Мустақиллик шоҳкўчасининг Мирзо Улуғбек ва Оққўрғон кўчалари оралиғида, шаҳар маркази томон йўналишида транспорт ҳаракати капитал таъмирлаш ишлари муносабати билан 13 июлгача чекланган эди. Бироқ ишларни дастлаб белгиланган муддатда якунлашнинг имкони бўлмади.