Мулкий хуқуқларни расмийлаштириш жараёнлари такомиллаштирилади
Мулкий хуқуқларни расмийлаштириш жараёнлари такомиллаштирилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — "Аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларини такомиллаштириш ҳамда фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори (ПҚ-265-сон, 15.07.2026 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш пайтида ҳуқуқ эгаси ўз вақтида рўйхатдан ўтказувчи органга мурожаат этмаганлиги аниқланганда:
маъмурий жавобгарлик чораси қўлламасдан кечиктириш муддатидан келиб чиқиб рўйхатдан ўтказиш учун оширилган ставкаларда тўлов ундириш тизими жорий этилади.
Солиқ тўловчига хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жой мерос тартибида ёки яқин қариндошидан ҳадя сифатида олинган бўлса:
ушбу турар жойни сотишдан олинган даромадга солиқ солинмаслиги учун белгиланган муддатни васият қилувчи ёки ҳадя қилувчининг мазкур турар жойга бўлган мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган санадан бошлаб ҳисобланади.
Шунингдек, тақиқ ёки хатлов қўйилган турар жойга гаровга олувчининг розилигисиз яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказишга рухсат берилиши белгиланди.
Бунда рўйхатдан ўтказилаётган шахс мулкдорнинг (гаровга олувчининг, тақиқни қўйишга ёки ечишга масъул органнинг) ички ишлар органларига қилган мурожаати асосида унинг рўйхатдан ўтказилганлиги бекор қилинишига аввалдан розилик бериши зарур.