Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Миясига қон қуйилиши оқибатида оғир аҳволга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароси дипломатик ва тиббий хизматлар кўмагида Туркиядан Ватанга қайтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.
1981 йилда туғилган аёлни Ватанга қайтариш ишлари Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси, Туркиядаги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ваколатхонаси ҳамда фаол ватандошлар кўмагида ташкил этилди.
Фуқаро ишга жойлашиш мақсадида Туркияга борган ва узоқ вақт давомида бола парвариши билан шуғулланган.
Бироқ тўсатдан миясига қон қуйилиши оқибатида танасининг чап томони фалаж бўлиб қолган. Аёл Истанбулдаги шифохоналардан бирида даволанишига тўғри келган.
У шифохонада бўлган даврда ёнида акаси бўлиб, у аёлни парвариш қилиш ва даволаниш жараёнида ёрдам берган. Аёлни Ўзбекистонга қайтариш чоралари ҳам унинг акаси ҳамроҳлигида ташкил этилди.
Сафар давомида тиббий хавфсизликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўмагида Республика тез тиббий ёрдам марказининг икки нафар мутахассиси Истанбулга юборилди.
Тиббиёт ходимлари беморни Ватанга қайтариш жараёнида, жумладан, авиапарвоз вақтида ҳамроҳлик қилди. Улар аёлнинг аҳволини узлуксиз назорат қилиб борди ва зарурат туғилганда тиббий ёрдам кўрсатди.