Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси сентябрь ойида ватандошларнинг Ватанга қайтишига кўмаклашди, ҳуқуқий маслаҳатлар берди, шунингдек, ижтимоий ва маиший масалаларни ҳал этишда ёрдам кўрсатди.
Миграция агентлиги маълумотларига кўра, бир ой давомида 4 401 нафар фуқаронинг Ўзбекистонга қайтишига ёрдам берилди. 983 нафар фуқарога бир марталик моддий ёрдам ажратилди.
Жами 5 715 та ҳолатда ҳуқуқий маслаҳат ва ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, 409 та ҳолатда вақтинча яшаш ва ишлаш билан боғлиқ харажатлар қопланди, 171 та ҳолатда эса адвокатлар ва бошқа ташкилотлар хизматлари учун тўлов амалга оширилди.
Шунингдек, 19 та ҳолатда тиббий харажатлар қоплаб берилди. Яна 329 нафар фуқарога, жумладан, ишга жойлашишда кўмаклашиш орқали ижтимоий ёрдам кўрсатилди.
Маслаҳат ва ёрдам олиш учун Россияда бўлган Ўзбекистон фуқаролари Миграция агентлигининг ваколатхонасига ишонч телефони орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7 495 803-40-00.