Меҳнат кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди
Меҳнат кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бир гуруҳ депутатларнинг қонунчилик ташаббуси билан киритилган — “Халқаро меҳнат стандартлари миллий қонунчиликка имплементация қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда меҳнат муносабатларини халқаро стандартлар асосида модернизация қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Янги таҳрирдаги Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг устуворлиги, барчанинг қонун олдида тенглиги ҳамда ҳар қандай камситишга йўл қўймаслик принциплари мустаҳкамлангани бу борадаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосини янада кучайтирди.
Қонун лойиҳаси Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган Халқаро меҳнат ташкилотининг 111-сонли Конвенцияси нормаларини миллий қонунчиликка изчил жорий этишга қаратилган. Унга кўра, Меҳнат кодексида меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситиш белгилари қатори “терисининг ранги” ва “сиёсий қарашлар” тушунчалари билан тўлдирилмоқда.
Шунингдек, меҳнат муносабатларида инсон шаъни ва қадр-қимматини таъминлаш, иш жойларида шаҳвоний шилқимликнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий механизмларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Меҳнат кодексини меҳнат ва машғулотлар соҳасида шаҳвоний шилқимликка йўл қўймасликка оид янги норма билан тўлдириш таклиф этилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилиш, халқаро меҳнат стандартларига содиқликни амалда намоён этиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий имижини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.