Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — АҚШ Давлат котиби Марко Рубио 17–22 октябрь кунлари Ўзбекистон ва Ҳиндистонга ташриф буюради. Сафар дастуридан Самарқанд, шунингдек, Ҳиндистоннинг Мумбай ва Жамнагар шаҳарлари ўрин олган. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаментининг 13 октябрь куни эълон қилинган баёнотида маълум қилинди.
Самарқандда Рубио АҚШ ва Марказий Осиёнинг бешта давлати — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонни бирлаштирувчи C5+1 форматидаги ташқи ишлар вазирлари учрашувида иштирок этади. Ушбу ҳамкорлик механизми тахминан 2015 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда.
АҚШ ташқи сиёсат идораси баёнотида таъкидланишича, учрашув C5+1 доирасидаги стратегик ҳамкорликнинг АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатларида тинчликни мустаҳкамлаш ҳамда фаровонликни таъминлашдаги ролига бағишланади. Ташриф давомида Давлат котиби минтақа давлатлари вакиллари билан икки томонлама музокаралар ҳам ўтказади.
Давлат департаменти маълумотларига кўра, Рубио билан бирга Ўзбекистонга АҚШ йирик бизнесининг 200 дан ортиқ вакили ҳам келади. Вашингтон ушбу ташриф АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришга туртки беришини кутмоқда.
Ҳиндистонда Рубио мамлакат расмийлари билан учрашиб, икки томонлама стратегик шериклик, минтақа ва дунёдаги вазият, шунингдек, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилади. Бундан ташқари, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган ишбилармон доиралар вакиллари билан музокаралар ўтказиш ҳам режалаштирилган.