Марказий Осиё тоғ экотизимларини ҳимоя қилишга келишди
Марказий Осиё тоғ экотизимларини ҳимоя қилишга келишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқанд шаҳрида Глобал экологик жамғарманинг (ГЭЖ) Саккизинчи ассамблеяси доирасида «Экологик коридорлардан ҳамжамиятларгача: Марказий Осиёда ёввойи табиат ва барқарор ландшафтларни сақлаш бўйича минтақавий ёндашув» мавзусида юқори даражадаги халқаро тадбир бўлиб ўтди.
Сессияда минтақа давлатларининг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарлари, жумладан Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси Азиз Абдуҳакимов, шунингдек БМТ Бош котибининг ўринбосари Маркос Нето иштирок этди.
Учрашувнинг асосий натижаси сифатида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон вакиллари тоғ экотизимларини барқарор бошқариш бўйича мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатларни илгари суришга қаратилган Қўшма манфаатдорлик баёнотини имзолади.
Йиғилишлар давомида Марказий Осиёнинг трансчегаравий экотизимлари жаҳон аҳамиятига эга бўлган нодир ҳайвон турлари — қор қоплони, архар ва сайғоқлар учун яшаш муҳити экани таъкидланди.
Минтақанинг тоғли ҳудудлари экологик мувозанатни сақлаш, трансчегаравий сув манбаларини муҳофаза қилиш ва маҳаллий аҳоли ҳаёт фаолиятини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Шу билан бирга, иқлим ўзгариши, тупроқ қопламининг деградацияси, ҳайвонот дунёси яшаш муҳитининг парчаланиши ҳамда инсон ва ёввойи табиат ўртасидаги зиддиятларнинг кучайиши Марказий Осиёдаги экологик барқарорликка таҳдид солаётгани таъкидланди. Бу эса ягона давлатлараро стратегия ишлаб чиқиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Делегатлар ГЭЖнинг янги молиялаштириш цикли (GEF-9) доирасида ресурсларни жалб қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
Истиқболли инвестицияларни трансчегаравий экологик коридорларни муҳофаза қилиш, тоғ олди ҳудудлари аҳолиси учун барқарор даромад манбаларини жорий этиш ва ягона мониторинг тизимларини яратишга йўналтириш режалаштирилмоқда.
Иштирокчилар экологик хавфсизлик ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ўртасидаги мувозанат тамойилларига содиқ эканини тасдиқлаб, глобал табиатни муҳофаза қилиш мақсадларига эришиш учун қўшма амалий чораларни фаоллаштиришга келишиб олди.