Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мирзо Улуғбек тумани жиноят ишлари бўйича суди жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган Li L9 ва BYD Song автомобиллари иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаси бўйича суд ҳужжатини чиқарди.
Бу ҳақда Тошкент шаҳар судининг расмий ахборотида маълум қилинди.
Аввалроқ мазкур иш бўйича биринчи инстанция судининг қарори Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанцияси судлов ҳайъати томонидан бекор қилиниб, материаллар қўшимча терговга юборилган эди.
Янги қарорга кўра, Li L9 автомашинаси ҳайдовчиси, 2000 йилда туғилган Ф. Ж. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 128-3-моддасининг 4-қисми, 133-моддаси ва 135-1-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбдор деб топилди.
Хусусан, гап белгиланган тезликни соатига 60 километрдан ортиқ ошириш, жабрланувчига енгил тан жароҳати етказилиши ёки сезиларли миқдорда моддий зарар келиб чиқишига сабаб бўлган йўл ҳаракати қоидаларини бузиш, шунингдек, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузиш ҳақида бормоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси инобатга олинган ҳолда, ҳайдовчига якуний жазо сифатида 6 180 000 сўм миқдорида жарима тайинланди.
Расмий ахборотда, шунингдек, жабрланувчига етказилган моддий зарар қоплангани қайд этилган.
Шу билан бирга, манфаатдор томонга ЙТҲ натижасида етказилган бошқа моддий ва маънавий зарарни ундириш учун фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.
Томонларга суд қароридан шикоят қилиш тартиби ва муддатлари ҳам тушунтирилган.