Жиззах вилоятидаги туман ҳокими йўл-транспорт ҳодисасига учради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жиззах вилояти Зафаробод тумани ҳокими Г. Эшпулатов ва унинг вояга етмаган ўғли 30 август куни туман ҳудудида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида жароҳат олди. Иккаласи ҳам турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда Зафаробод тумани ҳокимлиги хабар берди.
Йўл-транспорт ҳодисаси соат 07:45 да «Нурафшон» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 25V-037 автомобиль йўлининг 7-километрида содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, Б. М. бошқарувидаги MAZ юк автомобили чапга бурилиш вақтида қарама-қарши йўналишдаги ҳаракатланиш қисмига чиқиб кетган. Шу пайтда мазкур йўналишда туман ҳокими Г. Эшпулатов бошқараётган хизмат автомобили ҳаракатланаётган бўлган. Автомобиллар тўқнашган.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳоким ва унинг вояга етмаган ўғли турли даражадаги тан жароҳатларини олган ва шифохонага олиб борилган. Юк автомобили ҳайдовчиси Б. М. жароҳат олмаган.
Туман ҳокимлиги, шунингдек, ижтимоий тармоқларда тарқалган, автомобиллардан бирини гўёки ҳокимнинг вояга етмаган ўғли бошқаргани ҳақидаги хабарларга ҳам изоҳ берди. Ушбу маълумотлар рад этилди.
Ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми — транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тергов давом этмоқда.