Жаҳон банки ва IDOM Самарқанд вилояти учун 2040 йилгача бўлган фазовий ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқади

Жаҳон банки ва IDOM Самарқанд вилояти учун 2040 йилгача бўлган фазовий ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқади

Жаҳон банки ва IDOM Самарқанд вилояти учун 2040 йилгача бўлган фазовий ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқандда ҳудудий ривожланиш ва рақамлаштириш йўналишида муҳим босқич бошланмоқда. Вилоят ҳокимлигида вилоят раҳбари Адиз Бобоев Жаҳон банки делегацияси ва Испаниянинг нуфузли «IDOM» компанияси экспертлари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда ҳудудни келгуси 15 йилда ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

Унда Самарқанд вилояти ҳудудий ривожланиш стратегияси, шунингдек, Булунгур, Иштихон, Пайариқ ва Каттакўрғон туманларининг мастер-режаларини ишлаб чиқиш бўйича тендер ғолиби эълон қилинди. Унга кўра, мазкур йирик лойиҳаларни амалга ошириш вазифаси «IDOM» компаниясига юклатилди.

Компаниянинг халқаро тажрибаси ва замонавий ёндашувлари Самарқандни барқарор ва инновацион ҳудудга айлантиришда муҳим аҳамият касб этиши кутилмоқда.

Лойиҳанинг эътиборга лойиқ жиҳатларидан бири — Самарқанд шаҳрининг фазовий маълумотлар инфратузилмаси яратилиши бўлмоқда.

Қиймати 51 миллион долларга тенг бўлган ушбу ташаббус доирасида шаҳар инфратузилмаси, жумладан ер ости коммуникациялари — сув қувурлари, канализация тармоқлари ва электр кабеллари рақамлаштирилади. Шунингдек, аниқ 3D-модель ва мукаммал манзиллар реестри шакллантирилиб, бу коммунал хизматлар самарадорлигини ошириш, аварияларни тезкор бартараф этиш ҳамда манзил тизимидаги муаммоларни ҳал этиш имконини беради.

Ислоҳотлар фақат шаҳар маркази билан чекланиб қолмайди. 410 миллион долларлик “Ўзбекистоннинг обод ва барқарор шаҳарлари” дастури доирасида ҳудудларда ҳам кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилади. Энди инфратузилмавий лойиҳалар қисқа муддатли эмас, балки узоқ муддатли — 15 йиллик стратегик режалар асосида амалга оширилади. Барча режалар Жаҳон банки кўмагида ягона геоахборот тизимига интеграция қилинади.

Шу билан бирга, шаҳарсозлик ва уй-жой сиёсатида UN-Habitat дастурининг иштироки алоҳида аҳамият касб этмоқда. У транспорт моделлаштириш ва замонавий шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришда илғор ёндашувларни жорий этишга қаратилган.

Мутахассислар фикрича, халқаро молиявий институтлар, илғор архитектура компаниялари ва БМТ экспертларининг ўзаро ҳамкорлиги Самарқандни «ақлли» ва барқарор ривожланаётган ҳудуд намунасига айлантиришга хизмат қилади. Томонлар эса белгиланган режаларни амалга оширишда фаол ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг