Иссиқ туфайли Тошкентнинг бир қисмида электр ўчди
Иссиқ туфайли Тошкентнинг бир қисмида электр ўчди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида айрим истеъмолчилар аномал иссиқ ва энергия тизимига юклама кескин ошиши фонида электр узатиш линиялари ҳамда подстанцияларда юзага келган техник носозликлар сабабли вақтинча электр таъминотисиз қолди. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги хабар қилди.
Вазирлик маълумотларига кўра, соат 14:30 ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрининг Олмазор, Яккасарой, Чилонзор, Юнусобод, Яшнобод, Мирзо Улуғбек ва Сергели туманлари, шунингдек Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жами 8250 нафар истеъмолчи вақтинча электр таъминотисиз қолган.
Вазирлик қайд этишича, авария-тиклаш бригадалари носозликларни бартараф этиш ишларини олиб бормоқда ва электр энергияси таъминотини имкони борича тезроқ тиклаш чораларини кўрмоқда.
Энергетиклар истеъмолчилардан юзага келган вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўради.
Шунингдек, вазирлик режали ва режадан ташқари электр узилишлари ҳақидаги маълумотлар туман электр таъминоти корхоналарининг расмий Telegram гуруҳларида, шунингдек Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликларининг Telegram каналларида эълон қилиб борилишини эслатди.