Испания Ўзбекистон билан тўқимачилик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради
Испания Ўзбекистон билан тўқимачилик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг Испанияга хизмат сафари доирасида текстиль саноатини ривожлантириш ва экспорт географиясини кенгайтиришга қаратилган муҳим учрашув бўлиб ўтди.
Вилоят раҳбари Испаниянинг нуфузли промоутерлик ва консалтинг компанияси раҳбари Александро Пастрана билан икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари юзасидан музокаралар олиб борди.
Учрашувда Тошкент вилоятидаги йирик текстиль корхоналари раҳбарлари ҳам Zoom платформаси орқали иштирок этди.
Мулоқот давомида вилоятда ишлаб чиқарилаётган текстиль маҳсулотларини Европа бозорларига олиб чиқиш, испаниялик инвестор ва тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, хомашё ҳамда тайёр маҳсулотлар экспортни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, маҳсулотларнинг халқаро стандартларга мослигини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнларига замонавий технологияларни жорий этиш, дизайн ва брендинг йўналишларида тажриба алмашиш ҳамда маҳсулотларни Европа истеъмолчилари талабларига мослаштириш устувор вазифалардан бири экани таъкидланди.
Томонлар Тошкент вилоятида фаолият юритаётган текстиль корхоналарининг ишлаб чиқариш қуввати, экспорт салоҳияти ва логистика имкониятлари ҳақида ҳам батафсил фикр алмашдилар.
Испания томони вилоятдаги текстиль кластерлари фаолияти ва маҳсулотлар сифати билан алоҳида қизиқиш билдириб, келгусида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда Европа компаниялари иштирокида бизнес учрашувларини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.
Якунда томонлар текстиль саноатида узоқ муддатли, барқарор ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий ишларни давом эттиришга келишиб олдилар.