Иш берувчиларга иссиқ ҳаво сабаб иш тартибини ўзгартириш тавсия этилди
Иш берувчиларга иссиқ ҳаво сабаб иш тартибини ўзгартириш тавсия этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Давлат меҳнат инспекцияси ғайриоддий иссиқ ҳаво муносабати билан очиқ ҳавода меҳнат қилаётган ходимлар учун меҳнатни ташкил этиш тартибини қайта кўриб чиқишни иш берувчиларга тавсия қилди.
Идорада таъкидланишича, ҳаво ҳароратининг юқори бўлиши иссиқлик ва қуёш уриши, организмнинг сувсизланиши ҳамда юрак-қон томир касалликлари асоратлари хавфини сезиларли даражада оширади. Инспекция хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш иш берувчининг мажбурияти эканини эслатди.
Иш берувчиларга имкониятдан келиб чиққан ҳолда очиқ ҳавода бажариладиган ишлар ҳажмини қисқартириш ёки уларни соат 11:00 дан 16:00 гача бўлган вақт оралиғида вақтинча тўхтатиб туриш тавсия этилди. Шунингдек, ушбу вақтда оғир жисмоний меҳнат билан боғлиқ ишлардан воз кечиш таклиф қилинди.
Бундан ташқари, иш берувчиларга ходимларни етарли миқдорда ичимлик суви билан таъминлаш, соя ёки салқин хоналарда дам олиш жойларини ташкил этиш ҳамда мунтазам танаффус қилиш имкониятини яратиш тавсия қилинди.
Инспекция тиббий кўрикдан ўтмаган ходимларни ишга қўймасликни ҳам тавсия этди. Очиқ ҳавода ишлайдиган ходимлар учун ҳаво ўтказувчи кийимлар ва қуёш нурларидан ҳимоя қилувчи бош кийимлар назарда тутилиши лозим.
Шунингдек, иссиқлик уришининг аломатларини аниқлаш ва ходимнинг аҳволи ёмонлашганда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби бўйича йўриқномалар ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилди.
Аввалроқ «Ўзгидромет» 13–17 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудига жанубдан жуда иссиқ ҳаво оқими кириб келишини маълум қилган эди. Прогнозларга кўра, кундузи ҳаво ҳарорати плюс 41–43 даражагача, шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида эса плюс 44–46 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.
Ғайриоддий иссиқ ҳаво фонида мамлакатнинг қатор ҳудудларида вақтинчалик чекловлар жорий этилди. Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида юк транспорти ҳаракати чекланди. Хоразм ва Навоий вилоятлари, шунингдек, Қорақалпоғистонда айрим болалар боғчалари фаолияти вақтинча тўхтатилди. 15 июлдан бошлаб Тошкент метрополитенининг ер усти участкаларида поездлар ҳаракати тезлиги соатига 60 километрдан 40 километргача пасайтирилди.