Илгиз Танташев бошчилигидаги ҳакамлар ЖЧ ўйинини бошқарди
Илгиз Танташев бошчилигидаги ҳакамлар ЖЧ ўйинини бошқарди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи иккинчи туридан ўрин олган Шотландия ва Марокаш терма жамоалари ўртасидаги учрашувга Ўзбекистон ҳакамлар бригадаси хизмат кўрсатди.
Учрашувнинг бош ҳаками сифатида Илгиз Танташев фаолият олиб борди. Унга қанотларда Тимур Ғайнуллин ва Андрей Цапенко ёрдам берди. Баҳс Марокаш терма жамоасининг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ягона голни ярим ҳимоячи Исмаэль Сайбари киритиб, ўйиннинг 2-дақиқасидаёқ ҳисобни очди.
Ўзбекистонлик ҳакамларнинг жаҳон чемпионати ўйинларига тайинланиши мамлакат футбол ҳакамлиги мактабининг бой анъаналарини давом эттираётгани таъкидланмоқда. Ўзбекистон ФИФА ҳакамлар корпуси тарихида алоҳида ўрин тутади.
Бош ҳакамлар орасида жаҳон чемпионатларида энг кўп учрашув бошқариш бўйича мутлақ рекорд ҳозиргача ўзбекистонлик рефери Равшан Ирматовга тегишли. У фаолияти давомида 2010, 2014 ва 2018 йиллардаги учта мундиалда жами 11 та ўйинни бошқарган.
Равшан Ирматовнинг жаҳон чемпионатларидаги фаолияти 2010 йилда Жанубий Африка Республикасида бўлиб ўтган мундиалда бошланган. У ўша турнирда бешта нуфузли учрашувга, жумладан, очилиш ўйини ва ярим финалга ҳакамлик қилган.
Орадан тўрт йил ўтиб, Бразилияда ўтказилган 2014 йилги жаҳон чемпионатида тажрибали рефери яна тўртта учрашувни бошқарди. Улар орасида чорак финал баҳси ҳам бўлган.
2018 йил Россияда ўтган жаҳон чемпионатида эса Равшан Ирматов ўз ҳисобига яна иккита ўйинни қўшиб, тарихий натижани қайд этган. Бугунги кунда ЖЧ-2026 майдонларида фаолият юритаётган ўзбекистонлик ҳакамларнинг янги авлоди айнан шу юксак кўрсаткичга интилиб келмоқда.