Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ҳатайда ўзбек-турк дўстлиги ёдга олинди

UzDaily · 16.06.2026 · 16:45 · 26 views
Ҳатайда ўзбек-турк дўстлиги ёдга олинди

Ҳатайда ўзбек-турк дўстлиги ёдга олинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Туркия давлат раҳбарлари ташаббуслари билан сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, қардошлик алоқалари мустаҳкамланмоқда.

Маълумки, 2023 йил февраль ойида Туркиянинг Ҳатай вилоятида рўй берган зилзила оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш учун Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон биринчилардан бўлиб Туркияга ёрдам қўлини чўзган эди. Давлатимиз раҳбарининг топшириғига кўра, Ҳатай вилоятининг Арсуз туманида 306 хонадондан иборат 24 та қўп қаватли уй-жой қуриб берилди.

Президентимиз шу йил январь ойида Туркияга амалга оширган расмий ташрифи давомида янги хонадонлар уларнинг эгаларига топширилган эди.

Ҳозирда бу хонадонларда яшаётган оилаларнинг нафақат бағри бутун, балки улар оғир ва синовли кунларда қардош ўзбек халқининг, унинг етакчиси томонидан кўрсатилган ёрдамни чексиз миннатдорлик билан эътироф этмоқда.

Жорий йилнинг 13-14 июнь кунлари Ҳатай вилоятида қад ростлаган “Ўзбекистон” маҳалласидаги қурилиш мажмуаларига халқларимиз ўртасидаги абадий дўстлик тимсолларига уйғун равишда ном бериш тадбирлари бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон делегацияси иштирок этди. Унда шунингдек, Туркия Буюк Миллат Мажлиси Раиси Н. Куртулмуш бошчилигидаги Туркия Буюк Миллат Мажлиси депутатлари, Ҳатай вилояти, Арсуз тумани раҳбарияти ва бошқа бир қатор расмий вакиллар ҳам қатнашди.

Таъкидланганидек, Ҳатай заминида бунёд этилган гўзал масканларга “Шавкат Мирзиёев Бульвари”, “Ўзбекистон маҳалласи”, “Тошкент” ва “Самарқанд” кўчалари, “Ўзбекистон қардошлик парки” каби номлар берилиши ва “Бухоро жоме масжиди”нинг фаолият юритиши ўзбек халқига кўрсатилган юксак ҳурмат намунасидир.

Сўзга чиққанлар Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотларни алоҳида эътироф этиб, айниқса, қардош халқлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.

Тадбир давомида Ўзбекистон делегацияси аъзолари ушбу мажмуалар билан ҳам танишдилар.

Шунингдек, эрталабдан бошланган сайилларда маҳаллий аҳоли ўзбек миллий концерт дастурларидан, Ўзбекистонлик моҳир ошпазлар томонидан тайёрланган миллий таомлардан баҳраманд бўлдилар. Ўзбекистон тарихи ва маданиятига бағишланган фотосуратлар ҳамда ўзбек миллий ҳунармандчилик асарлари кўргазмалари Ҳатай аҳолисида катта таассуротлар қолдирди.

UzDaily · 👁 26 views · 16.06.2026 · 16:45