Шошилинч
Иқтисод

Hansae Mobility Фарғона вилоятида завод ишга туширди

Hansae Mobility Фарғона вилоятида завод ишга туширди
Hansae Mobility Фарғона вилоятида завод ишга туширди / Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жанубий Кореянинг автомобиль бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи Hansae Mobility компанияси Фарғона вилоятидаги «Қўқон» эркин иқтисодий зонасининг Қувасой филиалида янги саноат корхонасини очди. Лойиҳага киритилган инвестициялар ҳажми 30 миллион долларни ташкил этади.

Корхонанинг ишга туширилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Мирзоҳид Убайдуллаев, Hansae Mobility компанияси раисининг ўринбосари Ким Ик Хван, Hansae Mobility Turan ижрочи директори Чон Дэ Вон, «Ўзавтосаноат» АЖ раисининг ўринбосари Даврон Ҳидоятов, шунингдек, Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг тегишли соҳалари вакиллари иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари лойиҳанинг ҳудуд саноатини ривожлантириш ва икки томонлама иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашдаги аҳамиятини муҳокама қилдилар.

Компания вакиллари инвестиция ташаббусини амалга оширишда кўрсатилган кўмак учун вилоят раҳбариятига миннатдорлик билдирдилар.

Шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва саноатни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар қайд этилди.

Корхонада ҳозиргача 100 дан ортиқ иш ўрни яратилган. 2026 йил охирига қадар уларнинг сонини 140 тага, кейинчалик эса 250 тага етказиш режалаштирилган.

Ишлаб чиқариш корхонаси буюртмаларни бажаришни бошлади. Айни пайтда янги шартномалар тузиш бўйича музокаралар ҳам олиб борилмоқда.

Келгусида компания ишлаб чиқариш ва сервис қувватларини кенгайтириш, маҳаллий етказиб берувчилар билан кооперацияни ривожлантириш ҳамда ишлаб чиқарилаётган автомобиль бутловчи қисмларининг маҳаллийлаштириш даражасини оширишни мақсад қилган.

Корхона очилган куни Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳам ушбу корхонага ташриф буюрди. У ишлаб чиқариш жараёнлари, маҳсулотлар турлари ва уларнинг сифати билан танишди, шунингдек, Ким Ик Хван бошчилигидаги Hansae Mobility делегацияси билан музокаралар ўтказди.

Томонлар маҳаллийлаштириш дастури доирасида корхонани янада ривожлантириш, маҳсулотлар турини кенгайтириш ва уларни Марказий Осиё ҳамда Европа бозорларига етказиб бериш масалаларини муҳокама қилдилар.

Музокараларда тўқимачилик саноатидаги эҳтимолий инвестиция лойиҳалари ва Фарғона вилоятига Жанубий Кореянинг янги инвесторларини жалб қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Музокаралар якунида томонлар белгиланган йўналишлар бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.

Корхонанинг очилиши Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги саноат ҳамкорлигининг янги босқичини бошлаб берди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.