Франция элчихонаси виза фирибгарларидан огоҳлантирди
Франция элчихонаси виза фирибгарларидан огоҳлантирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикасидаги Франция элчихонаси фуқароларга расмий мурожаат билан чиқиб, визага ёзилиш ва кириш визаларини расмийлаштириш жараёни билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари кўпайгани ҳақида огоҳлантирди.
Баёнотда таъкидланишича, учинчи шахслар томонидан виза аризаларини топшириш жараёнидан ноқонуний даромад олишга қаратилган ҳар қандай тижорат манипуляциялари мутлақо қабул қилинмайди ва бундай ҳолатларга нисбатан қатъий чоралар кўрилади.
Элчихона Францияга сафарни олдиндан режалаштиришга чақириб, фуқароларга TLScontact ваколатли оператори томонидан белгиланмаган ҳар қандай норасмий тўловларни амалга оширмасликни қатъий тавсия қилди.
Агар электрон навбат тизимида бўш вақтлар мавжуд бўлмаса, фуқароларга шубҳали воситачилар хизматидан фойдаланмасдан, маълум вақт ўтгач мустақил равишда яна қайта уриниб кўриш тавсия этилди. Чунки қабул учун янги саналар виза маркази томонидан мунтазам равишда очиб борилади.
Мурожаатда TLScontact компанияси ходимларининг маъмурий кўрсатмаларига риоя қилиш ҳамда белгиланган тартибга амал қилиш муҳим эканига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, дипломатик ваколатхона маълум қилиши а, виза олиш учун ҳужжат топширишда устуворлик ва кўмак анъанавий тарзда Франция олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёки таҳсилни якунлаган ўзбекистонлик талабаларга, шунингдек, малакали меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган мутахассисларга берилади.
Элчихона вакиллари қайд этишича, масъул хизматлар рўйхатдан ўтиш жараёнини мунтазам мониторинг қилиб бормоқда. Агар фирибгарлик ёки навбатларни сунъий равишда банд қилиб туриш ҳолатлари тасдиқланса, айбдор шахсларга нисбатан зудлик билан қатъий санкциялар қўлланилади.
TLScontact халқаро компанияси дипломатик идоралар билан тузилган шартнома асосида ҳужжатларни қабул қилиш, фуқароларни қабулга ёзиш ҳамда виза жараёнининг маъмурий ва техник қўллаб-қувватланишини таъминловчи ягона расмий оператор ҳисобланади.