Иқтисод

Фарғона вилояти ва Соннам ҳамкорлик меморандумини имзолади

Фарғона вилояти ва Соннам ҳамкорлик меморандумини имзолади
Фарғона вилояти ва Соннам ҳамкорлик меморандумини имзолади / Фото: Фарғона вилояти ҳокимияти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ва Жанубий Корея Республикасининг Соннам махсус саноат зонаси ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади.

Келишувларга вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги ҳудуд делегациясининг Жанубий Кореяга амалий ташрифи давомида эришилди.

Ҳужжат саноат кооперациясини кенгайтириш, замонавий технологияларни жалб этиш, инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш ҳамда икки ҳудуд тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантиришни назарда тутади.

Бундан ташқари, Фарғона вилояти тадбиркорлари Соннам махсус саноат зонасида фаолият юритаётган ўндан ортиқ корхона билан ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар тузди.

Ташриф давомида делегация саноат зонасида жойлашган компанияларнинг маҳсулотлари ва инновацион ишланмалари кўргазмаси билан танишди.

Экспозицияда косметика, тиббиёт, автомобилсозлик, сунъий интеллект, таълим технологиялари ва логистика соҳаларидаги ечимлар намойиш этилди.

Жумладан, «Fireworks» ва «Daon Medical» компаниялари мос равишда косметика маҳсулотлари ва замонавий тиббий қурилмаларни тақдим этди. «AI OnTech» технологиялар соҳасидаги ечимларини, «Comfy» пойабзал маҳсулотларини, «BL Tech» эса автомобиль камералари ва технологик ишланмаларини намойиш қилди.

Шунингдек, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда тил ўрганиш учун мўлжалланган «Romazing» инновацион платформаси ҳамда «Azetek» компаниясининг логистика ечимлари тақдимотлари ўтказилди.

Кўргазма доирасида Фарғона вилояти тадбиркорлари ва Корея бизнеси вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри B2B музокаралар ҳам бўлиб ўтди.

Томонлар ишлаб чиқариш кооперацияси, технологиялар ва тажриба алмашиш, маҳсулотларни икки мамлакат бозорларига олиб чиқиш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашувлар якунлари бўйича қатор кореялик компаниялар билан Фарғона вилоятида турли йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.