Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Фарғона вилояти ҳокими АҚШлик тадбиркор билан учрашди

Дилафруз Ниязова · 02.11.2025 · 12:39 · 265 views
Фарғона вилояти ҳокими АҚШлик тадбиркор билан учрашди
Фарғона вилояти ҳокими АҚШлик тадбиркор билан учрашди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Америка Қўшма Штатларида яшаб, ўз бизнесини йўлга қўйган ҳамюртимиз Нодиржон Мардоновни қабул қилди.

Бувайда туманида таваллуд топган Нодиржон Мардонов 27 йилдан буён Америкада яшаб, кўп йиллар банк соҳасида фаолият олиб борди. Кейинчалик ўз бизнесини йўлга қўйди. Қатор компаниялар билан ишлади. Ҳозирда “Tash Vegas” ҳамда “New York invest group” МЧЖ хорижий корхоналари асосчиси ва директори.

Вилоят ҳокими билан мулоқотда тадбиркор фаолияти билан бирга эришган ютуқлари ҳақида айтиб берди. Тошкент вилоятида амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалари бўйича ҳам таништирди. Шунингдек, Фарғона вилоятига америкалик инвесторларни жалб этиш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, янги ишлаб чиқариш йўналишларини йўлга қўйиш ҳамда ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришда ҳам ўз ҳиссасини қўшиш истагида эканлигини маълум қилди. 

Мулоқотда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, вилоятнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва хорижий бизнес доиралари билан алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича қатор таклифлар кўриб чиқилди.

Вилоят ҳокими билдирилган ташаббус ва таклифларни юқори баҳолади, Ўзбекистон учун сармоя, инвестиция киритишга ўз ҳиссасини қўшаётган тадбиркорни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини қайд этиб, алоқаларини ривожлантириш, биргаликда ишлашдан умидвор эканлигини таъкидлади.