Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Саудия Арабистонининг Hadhim Dates компанияси вакили Ваэл Абдулазиз Ат-Тувайжрий билан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Учрашув вилоят раҳбарининг Саудия Арабистонига ишчи ташрифи доирасида бўлиб ўтди.
Томонлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, замонавий қадоқлаш технологияларини жорий этиш ва экспорт логистикасини ривожлантириш имкониятларини кўриб чиқди.
Саудия компаниясининг тажрибасини Фарғона вилоятининг аграр салоҳияти билан уйғунлаштириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ўзаро савдо ҳажмини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Hadhim Dates компанияси 1992 йилда ташкил этилган бўлиб, хурмо етиштириш, уни қайта ишлаш ва экспорт қилишга ихтисослашган.
Компания маълумотларига кўра, унинг тасарруфида 56 мингдан ортиқ хурмо пальмаси мавжуд. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 6 минг тоннани ташкил этади. Компания маҳсулотлари турли мамлакатлар бозорларига етказиб берилади.
Hadhim Dates вакиллари Фарғона вилоятига ташриф буюришга таклиф этилди. Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олди.