Молия

Ўзбекистон банкларида муаммоли кредитлар улуши 3,7 фоизни ташкил этди

Ўзбекистон банкларида муаммоли кредитлар улуши 3,7 фоизни ташкил этди
Ўзбекистон банкларида муаммоли кредитлар улуши 3,7 фоизни ташкил этди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон тижорат банкларидаги муаммоли кредитлар (NPL) ҳажми 24 триллион сўмни ёки жами 648,9 триллион сўмлик кредит портфелининг 3,7 фоизини ташкил этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълум қилди.

Давлат улуши мавжуд тўққизта банк ҳиссасига 421,5 триллион сўмлик кредитлар тўғри келади. Бу бутун кредит портфелининг қарийб 65 фоизини ташкил этади.

Ушбу гуруҳдаги муаммоли қарздорлик ҳажми 16,5 триллион сўмга, унинг кредит портфелидаги улуши эса 3,9 фоизга етди. Бу банк тизими бўйича ўртача кўрсаткичдан юқори. Қолган 26 та банкнинг кредит портфели 227,5 триллион сўмни, муаммоли кредитлари ҳажми 7,5 триллион сўмни ташкил этди. Уларнинг NPL кўрсаткичи 3,3 фоизга тенг бўлди.

Энг йирик кредит портфели Ўзмиллийбанкка тегишли бўлиб, 104 триллион сўмни ташкил этди. Шундан 3,17 триллион сўми муаммоли кредитлар тоифасига киритилган. Бу портфелнинг 3,1 фоизига тенг.

Агробанкнинг кредит портфели 94,7 триллион сўмни ташкил этади. Муаммоли кредитларнинг мутлақ ҳажми бўйича эса банк тизимида энг юқори кўрсаткич шу банкда қайд этилган: 3,21 триллион сўм ёки портфелнинг 3,4 фоизи.

Ўзсаноатқурилишбанкда муаммоли кредитлар ҳажми 1,8 триллион сўмни, умумий кредит портфели эса 59,1 триллион сўмни ташкил этди. NPL улуши 3,1 фоизга тенг бўлди.

Давлат улуши мавжуд банклар орасида муаммоли қарздорликнинг энг юқори даражаси Микрокредитбанкда қайд этилди — 9,2 фоиз. Банкнинг 23,2 триллион сўмлик кредит портфелида муаммоли кредитлар 2,1 триллион сўмни ташкил этди. Кейинги ўринларда Бизнесни ривожлантириш банки (5,8 фоиз), Асакабанк (4,4 фоиз) ва Халқ банки (4,1 фоиз) қайд этилди. Туронбанк ва Алоқабанкда эса бу кўрсаткич тахминан 3,8 фоизни ташкил қилди.

Умуман, банк тизимида муаммоли кредитлар улуши энг юқори бўлган банк TBC Bank ҳисобланади — 13,4 фоиз. Банкнинг 7,7 триллион сўмлик кредит портфелидан 1 триллион сўми муаммоли кредитлар сифатида таснифланган.

Poytaxt Bankда ҳам ушбу кўрсаткич юқори бўлиб, 13,2 фоизни ташкил этди. Madad Invest Bankда эса муаммоли кредитлар улуши 10 фоизга тенг бўлди. Шунингдек, Anor Bankда 8,8 фоиз ёки 1,1 триллион сўм, Garant Bankда 7,7 фоиз ва AVO Bankда 6,8 фоиз миқдорида муаммоли кредитлар қайд этилди.

Давлат улуши бўлмаган йирик банкларда эса кўрсаткичлар тизим бўйича ўртача даражадан паст. Кредит портфели 39,3 триллион сўм бўлган Kapitalbankда NPL улуши 2,9 фоизни, 36,6 триллион сўмлик портфелга эга Ipoteka-bankда эса 3 фоизни ташкил этди.

Hamkorbankнинг 30,8 триллион сўмлик кредит портфелида муаммоли кредитлар улуши 1,4 фоизга тенг бўлди. Бу кредит портфели 10 триллион сўмдан ортиқ бўлган банклар орасидаги энг паст кўрсаткичдир.

Ipak Yo‘li Bank ва Orient Finans Bankда муаммоли кредитлар улуши 2 фоиздан ошмади.

1 сентябрь ҳолатига кўра, ЎзКДБ банки ва Octobankда муаммоли кредитлар қайд этилмаган. Шунингдек, Uzum Bankда бу кўрсаткич 0,01 фоизни, Apex Bankда 0,05 фоизни, Open Bankда 0,5 фоизни ва Tayanch Mikromoliya Bankда 0,6 фоизни ташкил этди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.