Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Фарғона вилояти делегацияси Беларуснинг энг йирик қишлоқ хўжалиги комплексларидан бирининг тажрибасини ўрганди

UzDaily таҳририяти · 08.07.2026 · 13:30 · 23 views
Фарғона вилояти делегацияси Беларуснинг энг йирик қишлоқ хўжалиги комплексларидан бирининг тажрибасини ўрганди

Фарғона вилояти делегацияси Беларуснинг энг йирик қишлоқ хўжалиги комплексларидан бирининг тажрибасини ўрганди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон-Беларус ҳудудлараро учинчи форуми доирасида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги делегация айни пайтда Гомел вилоятидаги ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишмоқда.

Делегация аъзолари дастлаб Гомель вилоятининг Житковичи туманида жойлашган йирик қишлоқ хўжалиги корхоналаридан бири- «Туровщина» акциядорлик жамиятида бўлди. 5 минг тонна сиғимга эга омборхона, корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан танишилди.

Мазкур жамият жадал ривожланаётган агросаноат мажмуаси сифатида фаолият юритмоқда.

Корхонанинг асосий фаолият йўналишлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш, консерва маҳсулотлари тайёрлаш («Туров консерва комбинати» филиали), шунингдек, туризм ва овчилик хизматларини кўрсатишдан («Лосиний остров» филиали) иборат.

«Туров консерва комбинати» филиалида асосан турли хил консерва маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Маҳсулот турлари кенг бўлиб, маринадланган ва консерваланган бодринг, помидор, қовоқ икраси, ловия ва пиёз консервалари, кетчуп, табиий мева-сабзавот ва резаворлардан, шунингдек концентратлар асосида тайёрланган шарбатлар ишлаб чиқарилади.

«Туровщина» АЖнинг асосий ишлаб чиқариш ихтисослашуви дон ва дуккакли дон экинлари, ем-хашак ҳамда техник экинлар етиштириш, шунингдек сут ва гўшт ишлаб чиқаришдан иборат.

Ўсимликшунослик тармоғида илғор технологияларни жорий этиш ва ер ресурсларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилади. Барча турдаги дала ишларини бажариш учун зарур қишлоқ хўжалиги техникалари, тиркамалар ва осма агрегатлар мавжуд.

«Туровщина» АЖнинг ривожланиш стратегияси қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, қайта ишлаш саноати корхоналарини сифатли хомашё билан таъминлаш ва Беларусь Республикасининг озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.