Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Фарғонада йирик наркотиклар контрабандаси фош этилди

UzDaily · 15.05.2026 · 17:30 · 176 views
Фарғонада йирик наркотиклар контрабандаси фош этилди

Фарғонада йирик наркотиклар контрабандаси фош этилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Фарғона вилояти Риштон туманидаги «Деҳқонобод» маҳалласида наркотик воситаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Маълум қилинишича, қўшни давлатдан келган Volvo русумли юк автомобили ғилдираклари ичига яширилган тақиқланган моддаларни қабул қилиб олиш вақтида 1974 йилда туғилган ҳайдовчи ва буюртмачи сифатида кўрсатилган Учкўприк туманида яшовчи 2000 йилда туғилган шахс қўлга олинган.

Транспорт воситаси ғилдираклари ичи текширилганда 3 килограмм 408 грамм опий ва 16 килограмм 405 грамм гашиш аниқланди. Мусодара қилинган моддалар белгиланган тартибда расмийлаштирилган.

Шунингдек, жиноий схемага буюртмачининг 1980 йилда туғилган отаси ҳам алоқадор экани аниқланиб, у ҳам процессуал тартибда ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми ҳамда 25, 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Барча гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

UzDaily · 👁 176 views · 15.05.2026 · 17:30