Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоятида Халқаро БРИКС консорциуми ва Pandora компанияси вакиллари билан қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.
24 ноябрь куни вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Халқаро БРИКС консорциуми президенти, Россия Федерацияси Савдо-саноат палатасининг молия-саноат ва инвестиция сиёсати бўйича кенгаши аъзоси Елена Галибина ҳамда Pandora компанияси вакили Дмитрий Примак билан учрашув ўтказди.
Музокаралар давомида томонлар Фарғона вилоятининг инвестиция салоҳиятидан самарали фойдаланиш, БРИКС давлатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, Pandora компанияси билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини кўриб чиқди.
Консорциум вакиллари Фарғона вилоятида ўз ваколатхонасини очиш таклифини илгари сурди. Шунингдек, маҳаллий корхоналарнинг халқаро бозорларга чиқишига кўмаклашиш, ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ошириш ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Хайрулло Бозоров билдирилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
У, шунингдек, ҳудудда фаолият бошлашдан манфаатдор инвесторлар учун зарур шароитлар яратилиши ва уларга амалий кўмак кўрсатилишини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаш, аниқ инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш бўйича кейинги чора-тадбирларни келишиб олишга қарор қилди.