Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоятида Хитойнинг Hebei Shenghuo Electric Vehicle Co., Ltd. компанияси иштирокида электр транспорт воситаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.
25 ноябрь куни вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров компаниянинг бошқарувчи менежери Дуо Яци бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув давомида томонлар истиқболли ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқди. Хитойлик тадбиркорлар электр двигателлари билан жиҳозланган транспорт воситаларини ишлаб чиқариш бўйича таклифларини тақдим этиб, Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш истиқболлари ҳақида маълумот берди.
Хайрулло Бозоров ҳар бир инвестиция лойиҳасини замонавий талаблар, маҳсулот сифати ва иқтисодий самарадорлик мезонларини ҳисобга олган ҳолда пухта ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, вилоят ҳокими ўзаро манфаатли ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Учрашув иштирокчилари, шунингдек, Фарғона вилоятининг Данғара туманида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳа доирасида ҳамкорликнинг кейинги босқичларини келишиб олди.