Иқтисод

ФАО Ўзбекистонда хусусий ветеринария истиқболларини баҳоламоқда

ФАО Ўзбекистонда хусусий ветеринария истиқболларини баҳоламоқда
ФАО Ўзбекистонда хусусий ветеринария истиқболларини баҳоламоқда / Фото: Ўзбекистон Озиқ-овқат хавфсизлиги агентлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда хусусий ветеринария амалиётини кенгайтириш ва ветеринария хизматлари сифатини ошириш истиқболлари муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси хабар берди.

Қўмита раисининг ветеринария ва ҳайвонлар саломатлигини муҳофаза қилиш масалалари бўйича ўринбосари Фурқат Жалилов БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) экспертлари Надав Галон ва Орр Розов билан учрашув ўтказди.

Учрашувнинг асосий мавзуси хусусий ветеринария секторидаги жорий ҳолат ва унинг ветеринария хизматлари тизимидаги салоҳияти бўлди. Шунингдек, иштирокчилар истиқболда хусусий ветеринария амалиётини янада кенг жорий этиш имкониятларини кўриб чиқди.

Баҳолаш ФАОнинг Марказий Осиёда «Ягона саломатлик» ёндашуви асосида пандемияларга тайёргарликни ошириш ва уларга жавоб чораларини кучайтиришга қаратилган лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.

Қўмита халқаро тажриба ва экспертлар баҳолари ветеринария хизматлари тизимини такомиллаштириш, хусусий сектор имкониятларидан янада самарали фойдаланиш ҳамда кўрсатилаётган ёрдам сифатини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Баҳолаш натижалари ва унинг якуни бўйича тайёрланган хулосаларни кейинги ишларни амалга ошириш учун амалий асос сифатида қўллаш режалаштирилмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистонда қарийб 2 500 та хусусий ветеринария субъекти фаолият юритмоқда. Улар ҳайвонларни даволаш, лаборатория диагностикаси ва ветеринария фаолиятининг бошқа йўналишлари бўйича хизматлар кўрсатмоқда. Мамлакатда ветеринария дори воситаларини сотувчи дорихоналар ҳам фаолият юритмоқда.

Учрашувда кадрлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ветеринария соҳасига, айниқса, қишлоқ ҳудудларига ёш ва малакали мутахассисларни жалб қилиш, улар учун муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини яратиш ҳамда қўшимча харажатларни қоплашнинг эҳтимолий механизмлари муҳокама қилинди.

Таълим соҳасида олий таълим муассасалари битирувчиларининг амалий тайёргарлигини кучайтириш ва соҳанинг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда уни етарли миқдорда малакали мутахассислар билан таъминлаш зарурлиги қайд этилди.

Учрашув якунлари бўйича ветеринария тизими ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасининг кадрлар салоҳиятини ошириш, қишлоқ ҳудудларини мутахассислар билан таъминлаш, хусусий ветеринария секторини ривожлантириш ҳамда халқаро тажрибани миллий шароитларга мослаштириш кейинги ишларнинг асосий йўналишлари сифатида белгиланди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.