Дипломатлар Ўзбекистон фуқаросининг Сербиядан қайтишига ёрдам беришди

Дипломатлар Ўзбекистон фуқаросининг Сербиядан қайтишига ёрдам беришди

Дипломатлар Ўзбекистон фуқаросининг Сербиядан қайтишига ёрдам беришди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчихонаси хорижда меҳнат қилаётган фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мушкул вазиятга тушиб қолган ватандошларга яқиндан ёрдам бериш борасида мунтазам равишда иш олиб бормоқда, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, элчихона дипломатлари яқинда моддий кўмакка муҳтож бўлиб қолган андижонлик ватандошимизнинг муаммосини ҳал этишда яқиндан ёрдам кўрсатди.

Ҳамюртимизнинг мурожаатига кўра, у моддий қийинчиликлар туфайли Сербиядан Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлган. Бироқ, маблағи йўқлиги сабабли авиачипта сотиб ололмаган. Иш берувчи юртдошимизни расмий ишга жойлаштирмаган ва меҳнат шартнома тузмаган. Шу сабабли, ватандошимиз 6 ой давомида ишлаган бўлса-да, меҳнат ҳақини олмаган.

Натижада, у оғир молиявий аҳволга тушиб қолган ва Ватанга мустақил равишда қайтиш имкони бўлмаган.

Шундан сўнг элчихона вакиллари Ўзбекистон Миграция агентлиги билан боғланиб, муаммони ўз вақтида ҳал қилиш чораларини кўрди.

Олиб борилган ишлар натижасида, Меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан ҳамюртимиз учун бепул авиачипта олиб берилиб, унинг Ватанга қайтишида яқиндан кўмак берилди.

Бу саъй-ҳаракатлар мамлакатимиз ташқи сиёсатида ҳам фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш муҳим аҳамият касб этишининг яна бир бор тасдиғидир.

Ўзбекистоннинг ҳеч бир фуқароси эътиборан четда қолмайди ва Ватанига етиб олиши учун барча тегишли чоралар кўрилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг